Мадинаи мунаввара зиёрати — тартиби ва дуолари | Centrum Асосий контентга ўтиш
Макка ва Мадина · 12 дақиқа ўқиш

Мадинаи мунаввара зиёрати — тартиби ва дуолари

Масжиди Набавийга кириш дуоси, Равзада намоз, Пайғамбаримизга ва икки ҳалифага салом бериш сўзлари, Қубў, Бақиъ ва Уҳуд зиёрати — тўлиқ тартиб.

К

Centrum Holidays

Лицензияли умра оператори — UT 0023

Мадинаи мунаввара ер юзидаги энг фазилатли шаҳар бўлиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳижрат қилган жойларидир. У Қуръони Каримнинг кўп оятлари тушган, Ислом давлати қурилган, саҳобаи киромларни кўрган, Пайғамбаримизнинг муборак жасадларини ўз бағрига олган, улуғ саҳобаи киромлар дафн этилган шаҳар.

Мадинаи мунавварага зиёратга бориш ҳаж ибодатидан ҳисобланмайди. Лекин ҳаж мавсуми бу улуғ шаҳарни зиёрат қилишга энг қулай имкониятдир. Алоҳида яна келишга одамнинг қурби етадими, йўқми, Аллоҳ билади. Шунинг учун ҳар бир ҳожи, хоҳ ҳаждан аввал бўлсин, хоҳ кейин бўлсин, Мадинаи мунавварага зиёратга боришга ошиқади.

Уч масжиднинг фазли

Мадинаи мунаввара ва хусусан, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак масжидлари зиёратининг фазли ҳақида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Шулардан бирида:

«Кўч боғлаб, зиёратга фақат уч масжидга: Масжидул ҳаромга, Масжидул Ақсога ва менинг масжидимга борса бўлади», деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

«Менинг масжидимдаги бир намоз ундан бошқасидаги мингта намоздан яхшидир. Фақат Масжидул ҳаромгина ундан мустасно», деганлар.

Чунки Масжидул ҳаромдаги бир намоз бошқа оддий масжидлардаги юз минг намозга тенгдир.

Зиёратга тайёргарлик

Зиёратчи аввало гуноҳларига тавба қилиб, хусусан, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига хилоф бўлган ишлардан тавба қилиб, кейин зиёратга отланади. Йўлда у зотга саловот ва дурудларни кўплаб айтади.

У зотнинг масжидларига киришдан олдин ғусл қилиб, ўзига хушбўй нарсалардан суртиб, энг яхши кийимларини кийиб боради. Муборак масжидга ўнг оёғи билан киради ва кириш пайтида дуо қилади.

«Бисмиллаҳи, вассолату вассаламу ала Расулиллаҳи, аъузу биллаҳил ъазвийм ва биважҳиҳил карийм ва султониҳил қодийми минаш шайтонир рожийм, Аллоҳумма ифтаҳ лий абваба роҳматик»

«Аллоҳнинг номи билан, Расуллуллоҳга салот ва саломлар бўлсин. Улуғ Аллоҳдан унинг карийм важиҳи ила, қадийм султони ила шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ тилайман. Аллоҳим, менга раҳмат эшикларини очгил».

Равзада намоз

Сўнгра қалбидаги энг яхши дуоларни қилиб, равза сари юради. Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

«Ма байна байти ва минбари ровзатум mir риязил жаннаҳ» — «Уйим билан минбарим ўртасида жаннат боғларидан бир боғ бор», деганлар.

Шунинг учун Равзада икки ракъат намоз ўқиш афзалдир.

Пайғамбаримизга салом бериш

Кейин ниҳоятда чиройли одоб билан Набий алайҳиссаломнинг қабрлари томон юрилади. Қабри шарифга юзни қилиб туриб, тўғрисига келганда салом берилади:

«Ассаламу алайка, яа Расулаллоҳи ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!»

«Ё Расулуллоҳ! Сизга салом, Аллоҳнинг раҳмати ва барокати бўлсин!»

«Ассаламу алайка, яа хойро холқиллаҳ!»

«Салом Сизга, эй Аллоҳ яратганларнинг энг яхшиси!»

«Ассаламу алайка, яа саййидал мурсалийн!»

«Салом Сизга, эй элчиларнинг саййиди!»

«Ассаламу алайка, яа имамал муттақийн!»

«Салом Сизга, эй тақводорларнинг имоми!»

«Ашҳаду аннака қод баллағтар рисалаҳ ва аддайтал аманаҳ ва насаҳтал уммаҳ ва жаҳадта филлаҳи ҳаққо жиҳадиҳи»

«Гувоҳлик бераманки, албатта Сиз рисолатни етказдингиз, омонатни адо этдингиз, умматга насиҳат қилдингиз ва Аллоҳ учун ҳақиқий жидду жаҳд қилдингиз».

Пайғамбаримиз алайҳиссаломга салом бериш улуғ бахт ва саодатдир. Ҳадиси шарифда у зот:

«Бирор киши менга салом берса, албатта, Аллоҳ менинг руҳимни қайтариб беради ва мен ўша одамнинг саломига алик оламан», деганлар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга салом

Сўнгра ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қабрларига рўпара бўлинади. У кишига ҳам салом берилади:

«Ассаламу алайка, яа халифата Расулиллаҳи!»

«Салом Сизга, эй Расулуллоҳнинг халифаси!»

«Ассаламу алайка, яа соҳиба Расулиллаҳи ва анийсуҳу фил ғори ва рофиқоҳу фил асфаари ва амийнуҳу ъалал асрори! Жазаакаллоҳу анна афзола маа жаза имаман ан уммати набиййиҳ!»

«Салом Сизга, эй Расулуллоҳнинг соҳиби, ғордаги шериги, сафарларда ҳамроҳи, сирларига омонатдори! Аллоҳ Сизни Набийсининг уммати номидан бир имомни мукофотлагандан афзал мукофотласин!»

«Ассаламу алайка ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу!»

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга салом

Сўнгра ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг қабрларига рўпара келинади ва салом берилади:

«Ассаламу алайка, яа амирал муъминийн!»

«Салом Сизга, эй мўминларнинг амири!»

«Ассаламу алайка, яа музҳирол Ислам!»

«Салом Сизга, эй Исломнинг зоҳир қилувчиси!»

«Ассаламу алайка, яа мукассирол аснам!»

«Салом Сизга, эй бутларни синдирувчи!»

«Ассаламу алайка ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!»

Кейин қиблага қараб дилдаги дуолар ихлос билан ўқилади.

Мадинада турган кунларда

Зиёратчи Мадинаи мунавварада бўлган пайтида фарз намозларини жамоат билан ҳарами шарифда адо қилади. Кўпроқ Равзаи шарифда нафл намозлари ўқилса, тиловат қилинса, саловоту дурудлар айтилса, жуда яхши бўлади.

Мадинаи мунавварада турилган пайтда ов ҳайвонларини овлашдан ёки ўсимликларни кесишдан сақланиш керак. Чунки Маккаи мукаррамани Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳаром қилган бўлса, Мадинаи мунавварани Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаром қилганлар. Ҳарами Маккийга нима жорий қилинган бўлса, ҳарами Маданийга ҳам ўша нарсалар жорий этилади.

Қубў масжиди

Ибн Умардан ривоят этилган бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Қубў масжидини зиёрат қилиб, икки ракъат намоз ўқиб турганлари айтилади. Шунинг учун зиёратчи Мадинаи мунавварада турган чоғида Қубў масжидини ҳам зиёрат қилса яхши бўлади.

Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом:

«Ким уйида таҳорат қилиб, Қубў масжидига келиб, намоз ўқиса, умранинг савобини олади», деганлар.

Бақиъ, шаҳидлар қабристони ва Уҳуд

Шунингдек, Мадинаи мунавварада саҳобалар дафн этилган Бақиъ қабристони, шаҳидлар қабристони ва Уҳуд тоғи тагида ҳазрати Ҳамзанинг қабрлари бор. У ерларни ҳам зиёрат этиш жуда савобли ишдир. Пайғамбар алайҳиссолату вассалом уларни доимо зиёрат қилар эдилар.

Зиёрат пайтида қуйидаги дуо ўқилади:

«Ассаламу алайкум даро қавмин муъминийн. Инна иншааллоҳу бикум лаҳиқуун. Насъалуллоҳаа лана ва лакумул ъаафияҳ»

«Ассалому алайкум, эй мўмин қавмлар диёри! Албатта биз, Аллоҳ хоҳласа, сизларга етишувчимиз. Аллоҳдан ўзимизга ва сизларга офият сўраймиз».

Шунингдек, зиёрат қилинадиган бошқа жойларни ҳам зиёрат этса бўлади.

Манба «Ҳадис ва Ҳаёт: Ҳаж боби»

Аниқ диний саволлар учун маҳаллий имом-хатиб билан маслаҳатлашинг ёки Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фатво марказига қўнғироқ қилинг: +998 78 150 33 44. Тасдиқланган манбалар: islom.uz, саволлар.islom.uz.

Бу мақола сизга фойдали бўлдими?

Аниқ саволларингизга 15 дақиқада жавоб берамиз — бепул маслаҳат

К

Centrum Holidays

Эълон қилинган: 2-август, 2026

Улашиш:

Умра ҳақида кўпроқ саволингиз борми?

Оператор сизга шахсий жавоб беради

Қандай усулда боғланишни хоҳлайсиз?

Маълумотларингиз хавфсиз сақланади

Ёки қўнғироқ қилинг

+998 77 193 99 99

Ҳар куни 09:00–21:00

Қўнғироқ Ёзиш