Макка ҳарамининг фазли — омонлик юрти | Centrum Holidays Асосий контентга ўтиш
Макка ва Мадина · 14 дақиқа ўқиш · 5 та ҳадис

Макка ҳарамининг фазли — омонлик юрти

Нима учун Макка «омонлик юрти» деб аталади, ҳарамда нима ҳаром қилинган ва Пайғамбаримиз бу шаҳарга муҳаббатларини қандай изҳор этганлар — оятлар ва ҳадислар.

К

Centrum Holidays

Лицензияли умра оператори — UT 0023

Маккаи мукаррама — Аллоҳ таоло осмонлару ерни яратган кунидаёқ ҳаром қилиб қўйган шаҳар. Унинг ҳурмати қиёмат кунигача давом этади. Қуйида бу муқаддас шаҳарнинг фазли ҳақидаги оятлар, ҳадислар ва уларнинг шарҳи келтирилган.

Иброҳим алайҳиссаломнинг дуоси

Аллоҳ таоло:

«Иброҳимнинг: «Роббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин», деганини эсла», деган.

«Бақара» сураси, 126-оят

Ушбу оятда Иброҳим алайҳиссалом тилларидан Байтуллоҳнинг омонлик маскани бўлиши ва Аллоҳнинг мукофоти мўминларгагина сўралишининг хабари келмоқда.

Аллоҳ таоло бу дуони қабул айлаган. Ҳозиргача Ҳарами Шариф дунёнинг энг омон нуқтаси ва ўзида мевалар ўсишига шароит бўлмаса ҳам дунёнинг энг мева сероб нуқтаси бўлиб келмоқда.

Макканинг Роббига ибодат

Аллоҳ таоло:

«Мен ушбу шаҳарнинг Робби — уни ҳаром қилган Зотга ибодат қилишга амр этилдим, холос. Ҳамма нарса Уникидир. Ва мусулмонлардан бўлишга амр этилдим», деган.

«Намл» сураси, 91-оят

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай демоқдалар: «Менга амр қилинган нарса битта. У ҳам бўлса, ушбу Макка шаҳрининг Роббига, уни ҳаромга айлантирган Зот — Аллоҳгагина ибодат қилишдир». У ҳамма нарсага эга бўлган Зотдир.

Бу оят ҳам ҳарами шарифнинг улуғлигини яна бир бор таъкидламоқда.

«Эмин ҳарамни макон қилиб бермадикми?»

Аллоҳ таоло:

«Биз уларга эмин ҳарамни макон қилиб бермадикми?! У ерга ҳар нарсанинг мевалари даргоҳимиздан ризқ ўлароқ йиғилади-ку! Аммо кўплари билмаслар», деган.

«Қасос» сураси, 57-оят

Ушбу оятда Ислом йўлида юришдан ўзини олиб қочганларнинг баҳонаси келтирилиб, муноқаша қилинмоқда.

Аллоҳ таоло Маккаи мукаррамани ҳарам қилиб қўйди. У ерда уруш қилиш, ҳатто қурол кўтариб юриш мумкин эмас. Мушриклар нимадан қўрқадилар ўзи? Ҳарамнинг ҳудудида туриб, ҳидоятга эргашсак, еримиздан ҳайдалишимиздан қўрқамиз, дейдиларми?

Шунингдек, Ислом ҳукми жорий бўлган ҳар бир жойда тинчлик-омонлик ҳукм сурган, одамлар узоқ жойларга сафар қилганларида ҳайвонлари ҳам омонда бўлган. Ҳеч нарса унмайдиган Маккага дунёдаги ҳамма ризқ тўлиб-тошиб келиб турадиган қилиб қўйилган-ку!

Шунингдек, Ислом шариати тўлиқ амалда бўлган мусулмонлар диёрида закот оладиган муҳтож одам топилмай қолиб, уламолар нима қилишни билмай, бошлари қотган. Бу дегани, мусулмон юртда яшаётган кишилар ҳаммаси закот берадиган даражада бой бўлишган деганидир.

Энди нимага одамлар, Исломга амал қилинса, у бўлади, бу бўлади деб қўрқитилади? Чунки бу ҳақиқатларни билган билади, холос. «Аммо кўплари билмаслар».

Макка фатҳи кунидаги хутба

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Хузўаликлар Макка фатҳи йили Бани Лайсдан бир кишини улар қатл этган бир одамнинг ўчини олиш учун қатл қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақда хабар берилди.

Бас, у зот уловларига миндилар ва хутба қилиб: «Албатта, Аллоҳ Маккадан филни тутиб қолди ва унга Ўз Расулини ва мўминларни султонли қилди.

Огоҳ бўлинглар! Албатта, у мендан олдин ҳеч кимга ҳалол бўлмаган ва мендан кейин ҳам зинҳор ҳеч кимга ҳалол бўлмагай.

Огоҳ бўлинглар! У мен учун куннинг бир соатига ҳалол қилинди, холос.

Огоҳ бўлинглар! Албатта, у бу соатимда ҳаромдир. Унинг тикани юлинмас ва дарахти кесилмас», дедилар».

Бошқа бир ривоятда: «Ови ҳуркитилмас, тушиб қолган нарсасини (эгасини) изловчидан бошқа ололмас. Кимнинг қатл қилинган ўлиги бўлса, унинг икки нарсадан хоҳлаганини қилишга ҳаққи бор. Ёки унга (дия) берилади ёки қасос олинади», дедилар.

Шунда Яман аҳлидан бўлган Абу Шоҳ исмли бир киши туриб: «Менга ёзиб беринг, эй Аллоҳнинг Расули!» деди. «Абу Шоҳга ёзиб беринглар», дедилар.

Кейин Қурайшдан бир киши: «Изхир бундан мустасно. Биз уни уйларимиз ва қабрларга қўямиз», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Изхир бундан мустасно», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: ҳодисанинг тарихи

Бу ривоятда зикри келаётган ҳодисалар Макка фатҳига оиддир. Ҳудайбия сулҳида хоҳлаган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шартномасига, хоҳлаган киши Қурайшнинг шартномасига қўшилишига келишилган эди. Ана ўша бандга биноан, Бани Лайс Қурайш шартномасига, Хузўа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шартномасига қўшилган эдилар.

Бани Лайс билан Хузўанинг ўртасида қадимдан адоват бўлиб, Ислом келганидан кейин бу адоват тўхтаган эди. Ҳудайбия сулҳи тузилгандан кейин бу икки қабила яна бир-бирига қарши бўлиб, душманликлари янгиланди.

Бани Лайс қабиласи пайтдан фойдаланиб, Хузўадаги эски ўчини олмоқчи бўлди. Хузўаликлар ўз сувхоналарида машғул бўлиб турганларида улар тўсатдан ҳужум қилиб, бир неча кишини ўлдирдилар. Тўс-тўполон бўлиб, орада уруш чиқди.

Қурайш қабиласи ўзи билан шартнома имзолаган Бани Лайс қабиласига қурол етказиб берди, ҳатто қурайшнинг кўзга кўринган одамлари кечаси билдирмай бориб, урушда иштирок этишди. Хузўаликлар ҳарамга қараб қочишди.

Ҳарамга етиб келишгач, Бани Лайсликларнинг баъзилари: «Энди ҳарамга кирдик. Худодан қўрқинглар! Худодан қўрқинглар!» дейишди. Бошқалари эса: «Бугун Худо йўқ! Эй Бани Лайс, ўчингизни олиб қолинг! Бундан кейин қулай фурсат келмайди!» деди.

Бу ҳодисадан кейин Хузўа қабиласидан Амр ибн Солим қирқ отлиқ билан Мадинаи мунавварага, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. У зотдан ўзлари билан Хузўа ўртасида шериклик шартномаси борлигини эслатиб, ёрдам сўради. У Қурайш у зот билан тузган сулҳни бузганлигини, сувхонага келиб, рукуъ ва саждада турган кишиларни қатл қилганларини айтди.

Шунда у зот: «Сенга нусрат берилур, эй Амр ибн Солим!» дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Амр ибн Солимга ёрдам бериш ҳақида гапирган бўлсалар ҳам ҳақиқатни текшириб кўрдилар. У зот Қурайшга одам юбориб, хабарни айтдилар ва уларни уч нарсадан бирини танлашга чақирдилар. Шартга кўра, улар ё хузўалик ўлдирилган кишиларнинг хунини тўлайди, ё Хузўага қарши ҳужум уюштирган аҳдбузарларни ўз шериклигидан чиқаради, ёки аҳдни бузиб, уруш қилинади.

Қурайш урушни ихтиёр қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга тайёргарлик кўриш ҳақида буйруқ бериб, бу ишни сир тутиш лозимлигини алоҳида таъкидладилар. Саккизинчи ҳижрий сананинг Рамазон ойида ўн минг лашкар билан Мадинадан Маккага йўл олдилар. Лашкар «Марриз Заҳрон» деган жойга қўнди. Аллоҳ таоло бу ҳақда Қурайшни кўзини кўр, қулоғини кар қилиб қўйган эди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ривоятда зикри келаётган хутбани ана шу ҳаракатлар жараёнида қилганлар.

«Аллоҳ Маккадан филни тутиб қолди»

У зот: «Албатта, Аллоҳ Маккадан филни тутиб қолди» деганларида қуйидаги ҳодисаларни кўзда тутганлар:

У зотнинг туғилган йиллари Яман ҳокими Абраҳа Каъбани бузиб ташлаб, ҳаммани черковга буришни қасд қилди. Шу мақсадда катта аскар тўплади, урушга керак бўладиган барча нарсаларни олди, арабларнинг қалбига даҳшат солиш учун кўплаб филлар билан Маккага қараб юрди.

Йўлда ҳеч қандай қаршиликка учрамай Тоифдан Маккага яқинлашиб, Миғлас деган жойга қўнди. Абраҳа аскару филларини тўплаб, Каъбани бузишга юрмоқчи бўлганида филлар ётиб олиб, ҳеч ўринларидан турмади. Бошқа тарафга буришса, фил тезлаб юрди, лекин яна Макка тарафга буришса, ётиб олаверди.

«ва унга Ўз Расулини ва мўминларни султонли қилди». Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ саҳобаи киромларга Мадинадан Маккага юриш қилиб, бу муқаддас шаҳарни фатҳ қилиш имконини берди.

Маккада қурол кўтариш

«Огоҳ бўлинглар! Албатта, у мендан олдин ҳеч кимга ҳалол бўлмаган ва мендан кейин ҳам зинҳор ҳеч кимга ҳалол бўлмагай». Маккада қурол кўтариб юриш, душманларни ўлдириш у зотдан олдин ҳеч кимга ҳалол бўлмаган.

«Огоҳ бўлинглар! У мен учун куннинг бир соатига ҳалол қилинди, холос». Ҳар қандай ҳарбий ҳаракатлар ҳаром қилинган Маккаи мукаррама шаҳри Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам учун бир кунга, ўша куннинг ҳам бир соатига ҳалол қилинди. Бу кун ҳижратнинг саккизинчи йили, Рамазон ойининг йигирманчиси эди.

Тикан юлиш ва дарахт кесиш

«Огоҳ бўлинглар! Албатта, у бу соатимда ҳаромдир. Унинг тикани юлинмас ва дарахти кесилмас», дедилар».

Ҳарамда нафақат уруш, балки бошқа бир қанча ишларни қилиш ҳам ҳаром. Жумладан, у ернинг тиканини юлиш ва дарахтининг бирорта шохини бўлса ҳам кесиш ҳаром.

«Ови ҳуркитилмас, тушиб қолган нарсасини (эгасини) изловчидан бошқа ололмас». Ҳарами Шариф ҳудудида яшайдиган ов ҳайвонларини нафақат ўлдириш, балки ҳуркитиш ҳам, паррандаларининг тухумини олиш ҳам мумкин эмас. Шунингдек, у ҳудудда тушиб қолган нарсаларни фақат ўша нарсанинг йўқолганини эълон қилиш ва эгасини ахтариш маъносидагина олишга рухсат берилади.

Абу Шоҳ ва илмни ёзиб қўйиш

«Шунда Яман аҳлидан бўлган Абу Шоҳ исмли бир киши туриб: «Менга ёзиб беринг, эй Аллоҳнинг Расули!» деди. «Абу Шоҳга ёзиб беринглар», дедилар».

У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган гапларнинг ҳужжат сифатида сақланиб туришини хоҳлаган ва у зотдан ёзиб беришларини сўраган. Абу Шоҳнинг фикрини тасдиқлаб, саҳобаларга ёзиб беришни амр қилганлар.

Демак, илмни сақлаш учун ёзиб, қайд қилиб қўйиш яхши экан. Бу иш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тасдиқлаган ва амр қилган нарсалар сирасига киради.

Ушбу ҳадисга амал қилиб, мусулмонлар илмни илмий баҳс ва китоб шаклида ёзиб боришган ҳамда бу ишга қатъий амал қилишган. Бир замонлар дунёнинг ҳеч бир жойида ўқиш-ёзиш бўлмаганда мусулмон юртларда ҳамма ёзишни билган.

Изхир дарахти

«Кейин Қурайшдан бир киши: «Изхир бундан мустасно. Биз уни уйларимиз ва қабрларга қўямиз», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Изхир бундан мустасно», дедилар».

Бу киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу бўлганлар. Шундай қилиб, Ҳарами Шариф ҳудудидаги изхир дарахтини кесишга истисно тариқасида изн берилган.

«Ҳижрат йўқдир, лекин жиҳод ва ният бордир»

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳи куни: «Ҳижрат йўқдир. Лекин жиҳод ва ният бордир. Қачон сиздан қўзғолиш талаб қилинса, қўзғолинг.

Албатта, бу юртни Аллоҳ осмонлару ерни халқ қилган куни ҳаром қилган. У қиёмат кунигача Аллоҳнинг ҳурмати ила ҳаромдир», дедилар».

Бошқа бир ривоятда: «Сизлардан бирортангизга Маккада силоҳ кўтариш ҳалол эмас», дейилган.

Икки шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Макка фатҳ қилинишидан олдин шаҳар аҳолисидан мусулмон бўлганларига Мадинага ҳижрат қилиш вожиб эди. Макка фатҳ бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳижрат йўқдир», деган эълонни қилдилар. Чунки энди Макка ҳам мусулмонлар юртига айланган эди.

«Лекин жиҳод ва ният бордир. Қачон сиздан қўзғолиш талаб қилинса, қўзғолинг». Жиҳод ва ният бардавом бўлади. Уларнинг вожиблиги ҳижратга ўхшаб, вақтинчалик бўлмайди.

«Албатта, бу юртни Аллоҳ осмонлару ерни халқ қилган куни ҳаром қилган. У қиёмат кунигача Аллоҳнинг ҳурмати ила ҳаромдир». Шунинг учун бу юртнинг ҳурматини сақлаш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг муқаддас бурчидир.

«Сизлардан бирортангизга Маккада силоҳ кўтариш ҳалол эмас». Чунки Маккада силоҳ — қурол ишлатиш ҳаромдир. Аммо эҳтиёт чораси сифатида олиб юрилса бўлади.

Абу Шурайҳнинг эътирози

Абу Шурайҳ ал-Адавий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши Маккага аскарларни юбораётган Амр ибн Саъийдга: «Эй амир, менга изн бер. Мен сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳининг эртасига айтган гапларини айтиб берай. Уни икки қулоғим эшитган ва қалбим жо қилиб олган. Уни гапирган чоғларида икки кўзим у зотни кўрган.

У зот Аллоҳга ҳамду сано айтдилар ва: «Албатта, Аллоҳ Маккани ҳаром қилгандир. Уни одамлар ҳаром қилмаган. Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган одам учун унда қон тўкиш ҳалол эмас. Унда дарахтни кесмас.

Агар бирортаси Расулуллоҳнинг унда қитол қилганларини баҳона қилиб, ўзига рухсат топса, унга «Аллоҳ Ўз Расулига изн берган, сизларга изн берган эмас», денглар.

Албатта, Аллоҳ менга унда наҳордан маълум соатга изн берган, холос. Бугунги кунда унинг ҳурмати худди кечаги кунгидек қайтди. Бас, шоҳид ғойибга етказсин», дедилар.

Абу Шурайҳга: «Ўшанда Амр сенга нима деди?» дейилди. «Мен уни сендан кўра яхши биламан, эй Абу Шурайҳ! «Албатта, ҳарам осийни паноҳига олмас. Қон тўкиб қочганни ҳам, хиёнат қилиб қочганни ҳам», деган», деди».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ривоятда зикри келаётган ҳодисалар Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Язийд ибн Муовияга байъат қилмай, Маккада ўз ҳукмини ўрнатгач, Язийднинг фармонига биноан, унинг Мадинадаги амири Амр ибн Саъийд унга қарши уруш қилиш учун Маккага аскарлар юбораётган бир пайтда бўлиб ўтган.

Ўшанда Абу Шурайҳ розияллоҳу анҳу Маккага аскар юборилишига эътироз билдириб, бу иш шариатга хилоф эканлигини баён қилишга уринган.

Пайғамбаримизнинг Маккага муҳаббатлари

Абдуллоҳ ибн Адий ибн Ҳамро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳазварада туриб: «Аллоҳга қасамки, албатта, сен Аллоҳнинг энг яхши ерисан ва Аллоҳнинг Ўзига энг маҳбуб ерисан. Агар мен сендан чиқарилмаганимда чиқмасдим», деганларини эшитдим».

Шарҳ: Ҳазвара — Маккадаги жойнинг номи.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага: «Сен мен учун қандай ҳам хушҳол ва маҳбуб юртсан. Агар қавмим мени сендан чиқармаганларида, сендан бошқа ерни маскан тутмас эдим», дедилар».

Иккисини Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу икки ҳадиси шарифдан Маккаи мукарраманинг фазли қанчалар улуғ эканлигини яна бир бор билиб оламиз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу муқаддас шаҳарнинг фазлини Аллоҳ таолога қасам ичиш билан таъкидламоқдалар. Бунинг устига, у зот Маккаи мукаррамага нисбатан бўлган муҳаббатларини ҳам энг гўзал иборалар билан изҳор этмоқдалар.

Демак, Маккаи мукаррама энг аввал Аллоҳ таоло учун, қолаверса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ҳам энг маҳбуб ер бўлган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккаи мукаррамадан чиқиш истаклари мутлақо бўлмаса ҳам у ернинг аҳли у зотни чиқишга мажбур қилганлари учунгина чиққанлар. Мана шуларнинг барчаси Маккаи мукарраманинг фазли қанчалар улуғ эканлигига ёрқин далилдир.

Манба «Ҳадис ва Ҳаёт: Ҳаж боби» Ҳадис рақамлари: 1566, 1567, 1569, 1571, 1573

Аниқ диний саволлар учун маҳаллий имом-хатиб билан маслаҳатлашинг ёки Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фатво марказига қўнғироқ қилинг: +998 78 150 33 44. Тасдиқланган манбалар: islom.uz, саволлар.islom.uz.

Бу мақола сизга фойдали бўлдими?

Аниқ саволларингизга 15 дақиқада жавоб берамиз — бепул маслаҳат

К

Centrum Holidays

Эълон қилинган: 5-август, 2026

Улашиш:

Умра ҳақида кўпроқ саволингиз борми?

Оператор сизга шахсий жавоб беради

Қандай усулда боғланишни хоҳлайсиз?

Маълумотларингиз хавфсиз сақланади

Ёки қўнғироқ қилинг

+998 77 193 99 99

Ҳар куни 09:00–21:00

Қўнғироқ Ёзиш