Макон мийқотлари — эҳром боғланадиган чегаралар | Centrum Асосий контентга ўтиш
Эҳром ва мийқот · 7 дақиқа ўқиш · 1 та ҳадис

Макон мийқотлари — эҳром боғланадиган чегаралар

Мийқот нима, у қаерда жойлашган ва нима учун ундан эҳромсиз ўтиб бўлмайди. Зул-Ҳулайфа, Жуҳфа, Қорнул-манозил ва Яламлам ҳақида ҳадис ва шарҳ.

К

Centrum Holidays

Лицензияли умра оператори — UT 0023

Ҳаж ёки умра нияти билан йўлга чиққан мусулмон Маккаи мукаррамага хоҳлаган ҳолида кириб бора олмайди. Унинг атрофида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам белгилаб берган кўринмас чегара бор — мийқот. Бу чегарадан ўтишдан олдин эҳром боғланади.

Қуйида мийқот ҳақидаги асосий ҳадис ва унинг шарҳи келтирилган.

Ҳадис

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина аҳлига Зул-Ҳулайфани, Шом аҳлига Жуҳфани, Нажд аҳлига Қорнул-манозилни ва Яман аҳлига Яламламни мийқот қилдилар. Ўшалар у ерликларга ва ўша томондан келадиган улардан бошқа ҳаж ҳамда умрани ирода қилганларга мийқотдир. Ундан ичкарида бўлганлар қаердан жўнаса, ўша ердан эҳромга киради. Макка аҳли Маккадан», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: «мийқот» сўзининг маъноси

«Мийқот» сўзи арабча «таъқийт» сўзидан олинган бўлиб, луғатда «бирон нарсанинг вақтини тайин қилиш» маъносини англатади. Кейинчалик бу сўз кенгроқ кўламда «макон» маъносида ҳам ишлатиладиган бўлди.

Шаръий истилоҳда эса «мийқот» сўзи ҳаж ёки умра қилмоқчи бўлган кишининг эҳром боғлайдиган жойи ва вақтини билдиради. Табиийки, умра учун вақт маъносидаги мийқот бўлмайди — умрани йил давомида адо этиш мумкин.

Демак, «мийқот» деб эҳромга киришнинг тайинли вақти ва тайинли маконига айтилади:

  • Вақт бўйича мийқот (ҳаж учун) — Шаввол ва Зулқаъда ойлари ҳамда Зулҳижжа ойининг биринчи ўн куни.
  • Макон мийқоти — турли мамлакатлардан келган ҳожилар учун уларнинг Маккаи мукаррамага келиш йўлларига қараб турли жойлар бўлади. Уни Маккаи мукарраманинг атрофидаги махсус белгиланган чегара десак бўлади.

Тўрт мийқот қаерда жойлашган

Зул-Ҳулайфа

Ҳадисда айтилаётган Зул-Ҳулайфа Мадинаи мунавварадан Маккаи мукаррамага қараб юрганда биринчи келадиган манзилдир. У ер ҳозирда «Обори Али» деб ҳам номланади. У ерга махсус масжид, ғуслхоналар қурилган ва эҳром боғлаш учун лозим бўлган бошқа шароитлар яратилган.

Жуҳфа

Жуҳфа ҳақида машҳур олим Ёқут Ҳамавий «Мўъжамул Булдон» китобида қуйидагиларни ёзади:

«Жуҳфа Мадинадан Макка томон кетишда тўрт марҳала (манзил) узоқликда жойлашган катта қишлоқ бўлган. Миср ва Шом аҳли Мадина орқали юрмасалар, мийқотлари Жуҳфа бўлади. Агар Мадина орқали юрсалар, мийқотлари Зул-Ҳулайфа бўлади.

Унинг қадимги исми Маҳайя эди. Баъзи йиллари сел келиб, унинг аҳлини хонавайрон қилганлиги учун Жуҳфа (вайрона) деб аталиб қолган».

Қорнул-манозил

Қорнул-манозил — Маккаи мукарраманинг шарқий тарафида, икки кунлик масофада жойлашган тоғнинг номи. У «Қорнус-саъолиб» деб ҳам аталади.

Яламлам

Яламлам — Маккадан икки кунлик масофада жойлашган Тиҳома тоғларидан бирининг номи.

Мийқотдан эҳромсиз ўтиш мумкинми

Ушбу ҳадиси шарифга биноан, юқорида зикри келган мийқотлардан ташқарида яшайдиган мусулмонлар Маккаи мукаррамага ҳаж ёки умра нияти билан келмоқчи бўлсалар, ўша мийқотлардан эҳромсиз ўтишлари мумкин эмас.

Кимки ҳаж ёки умрани ният қилиб туриб, мазкур мийқотлардан эҳромсиз ўтса, жиноят қилган ҳисобланади. (Ҳаж ва умра истилоҳида жиноят деб эҳром ман қилган амалларни содир қилишга айтилади.)

Ким мазкур мийқотлардан ўтмасдан бошқа томонлардан ўтадиган бўлса ҳам, мийқотларнинг тўғрисига келганда эҳром боғлаши шарт.

Мийқотлардан кейин келадиган манзилларда яшайдиган кишилар эса ўзларининг турар жойларидан эҳром боғлайдилар. Макка аҳли ҳажга ўз уйидан эҳром боғласа, умрага ҳарамнинг чегарасидан чиқиб туриб эҳром боғлайди.

Сафаримизда бу қандай бўлади? Бизнинг йўналишимиз — Тошкент → Жидда, сўнг аввал Мадинаи мунаввара, кейин Маккаи мукаррама. Шу сабабли зиёратчиларимиз кўп ҳолларда эҳромни Мадинадан чиқишда, айнан ҳадисда зикр қилинган Зул-Ҳулайфа (Обори Али) масжидида боғлайдилар. Гуруҳ раҳбари эҳром вақти ва тартибини олдиндан тушунтириб беради.

Манба «Ҳадис ва Ҳаёт: Ҳаж боби» Ҳадис рақамлари: 1382

Аниқ диний саволлар учун маҳаллий имом-хатиб билан маслаҳатлашинг ёки Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фатво марказига қўнғироқ қилинг: +998 78 150 33 44. Тасдиқланган манбалар: islom.uz, саволлар.islom.uz.

Бу мақола сизга фойдали бўлдими?

Аниқ саволларингизга 15 дақиқада жавоб берамиз — бепул маслаҳат

К

Centrum Holidays

Эълон қилинган: 9-август, 2026

Улашиш:

Умра ҳақида кўпроқ саволингиз борми?

Оператор сизга шахсий жавоб беради

Қандай усулда боғланишни хоҳлайсиз?

Маълумотларингиз хавфсиз сақланади

Ёки қўнғироқ қилинг

+998 77 193 99 99

Ҳар куни 09:00–21:00

Қўнғироқ Ёзиш