Умра ва ҳажнинг якуний амали — сочни олдириш ёки қисқартириш. Айнан шу амал билан эҳромдан чиқилади. Қуйида бу амалнинг оят ва ҳадислардаги асослари ҳамда уламоларнинг шарҳлари келтирилган.
Қуръондаги башорат
Аллоҳ таоло:
«Албатта, Масжидул ҳаромга, иншааллоҳ, омонликда, сочларингиз олинган, қисқартирилган ҳолда қўрқмасдан кирасизлар. Бас, У сиз билмаган нарсани билади ва сизларга бундан бошқа яқин фатҳни қилди», деган.
«Фатҳ» сураси, 27-оят
Бу оятда Аллоҳ таоло мўминларга бир неча хушхабар етказмоқда. Аввало, Пайғамбар алайҳиссаломнинг тушларини тасдиқламоқда. Қолаверса, Масжидул ҳаромга кириш насиб этишининг хабарини бермоқда.
Ушбу хабарни Аллоҳ таолонинг Ўзи таъкидлаб бераётганига қарамай, яна Ўзи «Иншааллоҳ» — «Аллоҳ хоҳласа» деган иборани ҳам ишлатмоқда. Бундай дейиш иймон одобларидан бўлиб, дунёдаги ҳар бир иш ва воқеани Аллоҳ таолонинг хоҳишига боғлашдан иборатдир. Ҳудайбия сулҳидан кўп ўтмай бу ваъда амалга ошди.
Соч олдирганларга раҳмат дуоси
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим! Соч олдирганларга раҳм қилгин!» дедилар.
«Қисқартирганларни ҳамми, эй Аллоҳнинг Расули!?» дейишди.
«Аллоҳим! Соч олдирганларга раҳм қилгин!» дедилар.
«Қисқартирганларни ҳамми, эй Аллоҳнинг Расули!?» дейишди.
«Қисқартирганларни ҳам», дедилар».
Учовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан ҳаж ва умра қилган эркаклар сочларини олдиришлари афзал эканлиги маълум бўлади.
Муборак соч одамларга тақсимлангани
Анас розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тошни отиб, қурбонликларини сўйиб бўлганларидан кейин сартарошга ўнг томонларини тутдилар. У сочни олди. У зот уни Абу Толҳага бердилар.
Сўнгра сартарошга чап томонларини тутдилар. У сочни олди. У зот уни Абу Толҳага бердилар ва: «Уни одамларга тақсимлаб бер», дедилар», деди».
Бошқа бир ривоятда: «Бас, у уни бир тола, икки толадан қилиб, одамларга улашди», дейилган.
Тўртовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифни «Аҳли солиҳ кишиларга тегишли нарсаларни табаррук сифатида сақлашга далил» дейдилар.
Ўшанда кишилар томонидан тақсимлаб олинган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочлари ҳозиргача мусулмонлар учун табаррук бўлиб келмоқда. Ана шу муборак сочдан Истамбулдаги музейда сақланмоқда.
Тошкентдаги Мўйи муборак масжидида ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларидан бир толаси сақланган экан. Турли муносабатлар билан ана шу муборак соч халқ оммаси ичига олиб чиқиб ҳам турилган. Ҳозирга келиб ушбу муборак соч толаси нима бўлганлиги бизга қоронғу.
Аёллар учун — фақат қисқартириш
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёлларга соч олдириш лозим эмас. Аёлларга — қисқартириш», дедилар».
Абу Довуд, Термизий ва Дорақутний ривоят қилганлар.
Шарҳ: Сочни ҳаж ёки умрада олдириш эркакларга хос. Аёллар фақат сочларининг учидан бир оз қисқартирсалар кифоя қилади. Уларга соч олдириш амр қилинмаган.
Амаллар тартиби бузилса
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Тош отишдан олдин зиёрат (Каъбани тавоф) қилдим», деди.
«Ҳечқиси йўқ», дедилар.
«Сўйишдан олдин соч олдирдим», деди. «Ҳечқиси йўқ», дедилар.
«Тош отишдан олдин сўйдим», деди. «Ҳечқиси йўқ», дедилар».
Шарҳ: Ҳозирда баъзи кишилар ушбу ҳадиси шарифни ҳужжат қилиб, «Мазкур ишларни тартибсиз равишда, қай бирини олдин, қай бирини кейин қилса бўлаверади», деган гапни айтадилар.
Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳечқиси йўқ» деганлари бўлар иш бўлиб, фурсат ўтгандан кейин айтилганини унутиб қўядилар. Сўровчилар бу ишларни ҳукмни билмасдан адо этганлар ва кейин савол берганлар. Ҳукмни билган одам амалларни тартиб билан қилмоғи лозим.
Видолашув ҳажидаги саволлар
Бошқа бир ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида Минода одамлар учун турдилар. Улар у зотдан сўрадилар.
Бир киши: «Сўйишдан олдин билмасдан соч олдирибман», деди. «Сўявер. Ҳечқиси йўқ», дедилар.
Бошқа бири келиб: «Тош отишдан олдин билмасдан сўйибман», деди. «Отавер. Ҳечқиси йўқ», дедилар.
У зотдан ўша куни олдинга ёки кейинга сурилган нима нарса ҳақида сўралса ҳам, «Қилавер, ҳечқиси йўқ», дедилар», дейилган.
Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Баъзи уламолар аввал айтиб ўтилганидек, ушбу ҳадиси шарифни далил қилиб, «Ҳайит куни қилиниши лозим бўлган ҳаж амалларини тартибли қилиш вожиб эмас. Аввал тош отиш, кейин сўйиш ва ундан сўнг соч олдириш суннатдир», дейдилар.
Аммо ушбу ривоятда сўровчиларнинг барчаси «билмасдан» деган сўзни айтганларини унутмаслик лозим.
Абу Ҳанифа ва Молик раҳматуллоҳи алайҳимлар «Мазкур амалларни бажаришда тартибга риоя қилиш вожибдир. Ким ўша тартибни бузса, жонлиқ сўйиш вожиб бўлади», деганлар.