Умра — Байтуллоҳни зиёрат қилиш ибодати. Унинг амаллари ҳажнинг амалларига жуда ўхшаш: эҳром боғлаш, тавоф, саъй ва соч олдириш ёки қисқартириш. Қуйида умранинг амаллари ва Байтни тавоф қилиш тартиби ҳадислар ҳамда уламоларнинг шарҳлари асосида баён этилган.
Умра учун эҳром боғлаш
Марвон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳудайбия замонида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан ўн неча юзтаси (бир ярим мингга яқин) билан Мадинадан чиқдилар. Зул-Ҳулайфага етганларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонликларга белги тақдилар, ўркачини тилдилар ва умрага эҳром боғладилар».
Бухорий, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар.
Шарҳ: Умра учун ҳам худди ҳаж учун лозим бўлган ишларнинг айни ўзи қилинади.
Қурбонликларга белги тақиш уларнинг бўйнига кавуш ёки дарахтнинг пўстлоғини боғлаш билан амалга оширилади. Қурбонликларнинг ўркачини тилиш эса «ишъор» дейилади. Бу ишлар билан ҳаж ва умра учун аталган қурбонликлар белгилаб қўйилади. Бу ҳайвонларни кўрган ҳар бир одам уларнинг қурбонликка аталганлигини билади.
Ҳажнинг мийқотлари умра учун ҳам мийқотдир. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳажга, ҳам умрага Зул-Ҳулайфадан эҳром боғлаганлар. Ҳамма ўз мийқотидан умрага эҳром боғлайди.
Маккада ёки ҳарам чегараси ичида турганлар умра қилмоқчи бўлсалар, албатта, ҳарам чегарасидан ташқарига чиқишлари вожиб. Акс ҳолда умра қилиб бўлмайди.
Эҳромда нима ман қилинади
Яъло ибн Умайя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаъронада турганларида у зотнинг ҳузурларига бир киши келди. У умра нияти билан эҳром боғлаган бўлиб, соч ва соқоли сариққа бўялган ва устига чопон кийиб олган эди.
У: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мен умра учун эҳром боғладим. Ўзим сиз кўриб турганингиздекман», деди.
«Устингдаги чопонни еч. Ўзингдаги сариқликни юв. Ҳажингда нима қиладиган бўлсанг, умрангда ҳам шуни қил», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан умрадаги эҳром боғлаш ва унга оид масалалар ҳажникидан фарқ қилмаслигини кўрамиз. Фақат умра тавоф ва саъй қилиб, сочни олдириб ёки қисқартиргандан сўнг тамом бўлади.
Саъй қилмаслик — умра тугамайди
«Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ўз умрасида Байтни тавоф қилган, аммо Сафо билан Марва орасида саъй қилмаган одам ҳақида: «У аёлига яқинлик қилса бўладими?» деб сўралди.
Шунда у киши: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам етиб келиб, Байтни етти марта тавоф қилдилар, мақом ортида икки ракъат намоз ўқидилар ва Сафо билан Марва орасида етти марта саъй қилдилар. Батаҳқиқ, сизларга Расулуллоҳда гўзал ўрнак бордир», деди».
Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, умрада ҳам худди ҳаждаги каби етти марта тавоф ва етти марта саъй қилинади. Умрада ҳам худди ҳаждаги каби амаллари тугамай туриб, эҳром ҳаром қилган нарсаларга яқинлашиб бўлмайди.
Қазо умраси
Ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умра қилдилар. Биз ҳам у зот билан бирга умра қилдик. У зот Маккага кирган чоғларида тавоф қилдилар, биз ҳам у зот билан бирга тавоф қилдик. У зот Сафо ва Марвага бордилар, биз ҳам у зот билан бирга иккисига бордик.
Биз у зотни Макка аҳлидан бирортаси отиб қўймасин деб тўсиб турардик.
Менинг бир дўстим: «Каъбага кирдиларми?» деди. «Йўқ», дедим. «Хадичага нима деганларини айтиб бер», деди. «Хадичага жаннатдаги дурдан бўлган, ичида бақириқ ҳам, чарчоқ ҳам йўқ уйнинг башоратини бер», дедилар», дедим».
Бухорий, Абу Довуд ва Насоий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳудайбиядан кейинги йили қазо умраси қилганларидаги ҳодисалар ҳақида сўз бормоқда. Ўшанда саҳобаи киромлар мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга озор етказиб қўймасин деган мақсад билан у зотни улардан тўсиб туришган. Ана шу умрада ҳам ҳажда қилинадиган амалларга ўхшаш амаллар адо этилган.
Умрада қурбонлик
«Жобир розияллоҳу анҳу: «Ҳудайбия йили Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бир туяни етти киши номидан ҳамда бир сигирни етти киши номидан сўйдик», деди».
Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Демак, қурбонлик сўйишда ҳам ҳажда нима қилинса, умрада ҳам ана шу ишлар қилинади.
Байтни тавоф қилиш
Аллоҳ таоло:
«Ва Иброҳим ва Исмоилга: «Уйимни тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун покланглар», деб амр қилдик», деган.
«Бақара» сураси, 125-оят
Яъни Байтуллоҳни атрофдан келиб, тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун поклаб қўйишни буюрган эдик демоқда. Бу эслатма араб мушрикларининг бундай муқаддас байтни маънавий нажас бўлмиш уч юз олтмишдан ортиқ бут билан, ширк ақийдаси билан ифлос қилганлари нақадар ёмон иш бўлганлигини кўрсатади.
Аллоҳ таоло «Ҳаж» сурасида:
«Эсла, Биз Иброҳимга Байтнинг жойини белгилаб бериб: «Менга ҳеч нарсани шерик қилма, Байтимни тавоф қилувчилар, (ибодатда) қоим турувчилар ҳамда рукуъ, сажда қилувчилар учун поклагин», (дедик)», деган.
«Ҳаж» сураси, 26-оят
Бу ояти каримада Байтуллоҳни қуриш ва уни тавоф қилиш ҳақида сўз кетмоқда. Ҳатто Каъбаи муаззамани қаерга қуришни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи белгилаб берган. Белгилаб берганда ҳам, Ўзининг Пайғамбари Иброҳим алайҳиссаломга белгилаб берган.
Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссалом билан Аллоҳ таолонинг амрига мувофиқ кўрсатилган жойга Байтуллоҳни қуриб битирганларидан сўнг Аллоҳдан қуйидаги фармон келди: «Менга ҳеч нарсани шерик қилма…» Яъни менга дунёдаги ҳеч бир нарсани шерик келтирма. Байтнинг эгасига ширк келтириш мумкин эмас. Унинг шериги йўқ.
Аммо Қурайш кофирлари Байтнинг атрофида унга қўшни яшаб туриб, сон-саноқсиз бутларни унинг эгасига «шерик худолар» билиб, уларга ибодат қилишди. Ҳатто Байтуллоҳнинг ичига уч юз олтмишта бутни қўйиб, Масжидул ҳаромга эга чиқиб, мусулмонларнинг унга кириш йўлларини тўсишди.
Байтуллоҳнинг эгаси бўлмиш Аллоҳ таоло томонидан унинг қурувчиси Иброҳим алайҳиссаломга айтилаётган бу сифатлар мусулмонлардагина мавжуд бўлиб, Байтуллоҳга, Масжидул ҳаромга Қурайш кофирлари эмас, улар ҳақлидирлар.
Тавофи қудум — келиш тавофи
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага етиб келган чоғларида энг аввал қилган ишлари таҳорат қилиб, байтни тавоф қилиш бўлди».
Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу тавоф «тавофи қудум» — «янги келиш тавофи» дейилади. Бу тавоф суннатдир.
Рамл ва тавоф намози
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ҳаж ёки умрага дастлаб келишлари билан тавоф қилсалар, байтнинг уч тавофини тезлаб қилар эдилар. Кейин тўрт тавофни юриб қилардилар. Сўнгра икки ракъат намоз ўқир эдилар. Ундан кейин Сафо ва Марва ўртасида саъй қилар эдилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Биринчи уч тавофни тезлаб қилиш «рамл» дейилади. Унда паҳлавон юриши қилиб, тавоф қилинса, қолган тўрттаси оддий юриш билан адо этилади.
Етти марта тавоф адо этиб бўлингач, Иброҳим мақомида икки ракъат тавоф намози ўқилади. Кейин эса Сафо ва Марва орасида етти марта саъй қилинади.
Пайғамбаримизнинг тавоф тартиби
Термизийнинг лафзида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага келганларида масжидга кирдилар, ҳажарни истилом қилдилар. Сўнгра ўнг томонларига қараб юриб кетдилар. Учта рамл қилдилар. Тўртта юриш қилдилар.
Сўнг мақомга келиб: «Иброҳимнинг мақомини намозгоҳ тутинг», дедилар ва икки ракъат намоз ўқидилар. Мақом у зот билан байтнинг орасида турди.
Сўнг ҳажарнинг олдига бориб, уни истилом қилдилар. Кейин Сафога чиқдилар. «Албатта, Сафо ва Марва Аллоҳнинг (динининг) белгиларидандир» дедилар», деб ўйлайман».
Бошқа бир ривоятда: «Одатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дастлабки тавофни қилсалар, уч марта лўккиллар ва тўрт марта юрар эдилар», дейилган.
Шарҳ: Бу ривоятдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккаи мукаррамага кириб келгач, дастлаб қиладиган ишларининг тартиби ҳақида сўз кетмоқда. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккага келганларида:
- Дастлаб Масжидул ҳаромга кирар эдилар.
- Ҳажарул асвадни истилом қилар эдилар.
- Сўнг Ҳажарул асваднинг ўнг томонига қараб тавоф қилиш учун юриб кетар эдилар.
- Уч тавофни рамл қилар эдилар.
- Қолган тўрттани оддий юриш қилардилар.
- Сўнг мақомга келиб, «Мақоми Иброҳимдан намозгоҳ тутинглар», дер ва икки ракъат намоз ўқир эдилар.
- Сўнг Ҳажарул асвадни яна бир бор истилом қилар эдилар.
- Кейин Сафога чиқиб, «Албатта, Сафо ва Марва Аллоҳнинг (динининг) белгиларидандир», деб саъйни бошлар эдилар.
Ҳар бир ҳожи ёки умра қилувчи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашган ҳолда мазкур ишларни худди шу тартибда адо этишга уринади.
Рамл нима учун буюрилган
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобалари келдилар. Шунда мушриклар «Ҳозир ҳузурингизга Ясрибнинг иситмаси тинкасини қуритган гуруҳ келади», дейишди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга уч тавофни рамл қилишни ва икки рукн орасида юришни амр этдилар. У зотни уларга барча тавофни рамл қилишга амр этишдан фақатгина уларга раҳм қилганлари ман қилди, холос».
Бошқа бир ривоятда: «Шунда мушриклар: «Иситма тинкасини қуритган деб ўйлаганингиз анавиларми?! Улар фалондан ҳам, фалондан ҳам бақувват-ку!» дедилар» жумласи зиёда қилинган.
Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу жойда саҳобаларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларида Ҳудайбия сулҳидан кейинги йили қазо умрасини адо қилиш учун келганлари ҳақида сўз кетмоқда. Улар мусулмонларни масхара қилиш учун Масжидул ҳаромга кириб, томоша қилиб ўтиришди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрикларнинг бу гапларидан хабар топдилар ва уларга қарши чора кўрдилар. Биринчи уч тавофда саҳобаларга елкани кенг қилиб, паҳлавон юриши қилишни амр қилдилар. Токи мушриклар кўриб қўйсинлар — уларнинг қаршисида Байтуллоҳни тинкаси қуриган ожиз одамлар эмас, паҳлавон мусулмонлар тавоф қилмоқдалар.
Шу билан бирга, икки рукн — рукни Яманий ва рукни Ҳажарул асвад орасида рамл қилмасликларига ҳам ижозат бердилар. Чунки бу тарафда томоша қилиб турган мушриклар йўқ эди.
Саҳобаи киромлар Маккаи мукаррамага етиб келгунларича узоқ ва машаққатли йўлни босиб ўтган эдилар. Улар учун биринчи уч тавофни рамл қилиш етарли эди. Шу ҳаракатнинг ўзи билан душманни ноумид қилиш мумкин эди. Саҳобаи киромлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳақдаги амрларини аъло даражада бажардилар.
Мушриклар: «Иситма тинкасини қуритган деб ўйлаганингиз анавиларми?! Улар фалондан ҳам, фалондан ҳам бақувват-ку!» дедилар. Шунинг учун ҳозиргача бу нарса мусулмонларга суннат бўлиб қолди.
Бемор ва ногирон кишилар учун тавоф
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзимнинг беморлигимдан шикоят қилдим. Шунда у зот: «Одамлар ортидан минган ҳолингда тавоф қил», дедилар.
Бас, мен тавоф қилдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса байтнинг ёнида «Ват-Тури ва китабим мастуур» (ояти)ни қироат қилиб, намоз ўқир эдилар».
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф бемор, заиф, ўзи юра олмайдиган кишилар ҳам ҳаж қилишлари жоизлигига далилдир.
Умму Салама онамиз хасталиклари туфайли ўзлари юриб, тавоф қила олмаганларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига уловга миниб, тавоф қилишни амр этдилар. Шунинг учун ҳам ҳозиргача тавоф ёки бошқа амалларни ўзлари юриб қила олмаган ҳожиларни замбилда кўтариб бўлса-да, тавоф, саъй ва бошқа амаллар адо қилдирилади.
Амалий эслатма. Бугунги кунда Масжидул ҳаромда ногиронлар аравачаси хизмати мавжуд — юра олмайдиган ёки қийналадиган зиёратчилар тавоф ва саъйни аравачада адо этадилар. Гуруҳимизда кекса ёки соғлиғи заиф зиёратчи бўлса, буни олдиндан айтинг — биз керакли хизматни ташкил қиламиз.